КАЛЬКА

КАЛЬКА (франц. caique — нусха, так,лид) — бошқа тил луғавий бирлигидан она тили воситалари асосида нусха кўчириш (сўзма-сўз таржима қилиш) натижасида юзага келган сўз, атама ёки бирикма. К. нинг маъновий ва шаклиймаъновий турлари мавжуд. Маъновий Калька сўзнинг оҳанги ва сўз ясалиш шакли жиҳатидан она тилига мансуб бўлсада, маъно жиҳатдан чет сўзларнинг таъсирига боғликдир: «майдон» (магнит майдони) — «поле». Шаклий-маъновий Калька ўзга тилдаги маънони ифодалай оладиган унсурлар асосида она тилида янги луғавий бирлик ҳосил қилишдир. Тўлиқ ва ярим шаклий-маъновий Калькалар бўлади. Тўлиқ Калькада она тилининг ўз ички имкониятларидан фойдаланилади (надстройка — устқурма, мировоззрение — дунёқараш, железная дорога — темир йўл). Ярим Калька ҳар икки тил унсурларидан ташкил топади (полу-автомат — ярим-автомат). Калька ижодий жараёнда пайдо бўладиган тил ҳодисаси, шунинг учун таржимондан катта маҳорат талаб қилади. Калька тилни бойитишнинг муҳим омилларидан бири.