КАЛИЙЛИ ТУЗЛАР

КАЛИЙЛИ ТУЗЛАР — сувда осон эрийдиган калийли, калий-натрийли ва калий-магнийли минераллардан ҳосил бўлган чўкинди хемоген жинслар. Муҳим минераллари: сильвин, сильвинит, карналлит, калийли дала шпати (ортоклаз), мусковит (калийли слюда), полигалит, каинит, лангбейнит, алунит ва б. К. т. қуюқлашиб кон хреил қилувчи чўкинди ҳосилалардир. Табиатда ош тузи билан бирга қалинлиги бир неча см дан ўнлаб м гача қатлам ёки линза кўринишида учрайди. Майдони бир неча км2 дан минг км2 гача (конлари, ҳавзалар) бўлади. Кўп ҳолларда сув ҳавзаларига сильвин (KCL) ва натрийли туз-галит (№С1)нинг келиб тушиши натижасида ҳосил бўлади. Сувнинг шўрлиги 32—35%с га етганда Калийли тузлар чўка бошлайди. К2О рудасининг саноат аҳамиятига молик таркиби 12—30%. Ўзбекистонда Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари, шунингдек, Кррақалпоғистонда (Тубегатан кони) Калийли тузлар конлари топилган. Калийли тузларнинг катта уюмлари кўл ётқизиқларида (Эритрея) ва Ўлик денгиз намакобларида мавжуд. Дунёдаги йирик ҳавзалари: Стассфурт (Германия), Эльзас (Франция), Юқори Кама (РФ), Қозоғистон ғарбида, Карпат олди (Украина), Припять (Белоруссия), Делавэр (АҚШ), Саскачеван (Канада) ва б. К. т. кимё саноатида калийли ўғитлар олишда асосий хом ашё хисобланади. Шунингдек, электрометаллургия, тиббиёт, пиротехникада, ойна-шиша, бўёқ кабилар и. ч. да қўлланилади.