КАЛИНИНГРАД

КАЛИНИНГРАД (1946 й. 4 июлгача Кенигсберг) — РФдаги шаҳар, Калининград вилояти маркази. ММ. Калинин номига қўйилган. Преголя дарёсининг ҳар икки соҳилида. Болтик, денгизи бўйидаги музламайдиган Балтийск порт шаҳри билан чуқур канал орқали боғланган. Т. й. тугуни. Аҳолиси 413 минг киши (1990-й. лар ўрталари). Балиқ овлаш ва транспорт флоти базаси. Машинасозлик ва металлсозлик (кема тузатиш, вагонсозлик, «Электросварка», автоагрегат з-длари бор, балиқни қайта ишлаш жиҳозлари ишлаб чикарилади), целлюлоза-қоғоз, озиқ-овқат (шу жумладан, балиқни қайта ишлаш), енгил саноат корхоналари бор. 3 олий ўқув юрти (шу жумладан, ун-т), 2 театр, тарих-ўлкашунослик музейи, каҳрабо музейи мавжуд. Шаҳар яқинида денгиз бўйи иқлим курортлари жойлашган.

Калининградга 1255 й. қалъа сифатида асос солинган. 1525—1618 й. ларда Пруссия герцоглиги пойтахти. 1701 й. дан Пруссия қироллиги таркибидаги мустаҳкам қалъа. 1758—1762 й. дарда Шарқий Пруссиянинг рус генерал-губернаторлиги маркази. 1871 й. да Германия таркибига кирди. Кенигсберг 1945 й. апр. бошида шўролар армияси томонидан шафқатсиз бомбардимон қилиниши натижасида шаҳарда тарихий меъморий ёдгорликлар сақланмаган. Аҳолиси эса бутунлай кўчириб юборилган. 1945 й. Потсдам конференцияси карорига асосан, Кенигсберг атроф ҳудудлари билан бирга собиқ Иттифоқ таркибига ўтди. Калининград Калининград вилояти таркибида алоҳида иқтисодий р-н мақомини олган.