КАЛИНИНГРАД ВИЛОЯТИ

КАЛИНИНГРАД ВИЛОЯТИ — РФда ги вилоят. 1946 й. 7 апр. да ташкил этилган. Майд. 15,1 минг км2. Аҳолиси 951,3 минг киши (2000), асосан, рус, белорус, украинлар; шаҳарликлар 79%ни ташкил қилади. 13 туманга бўлинган, 22 шаҳар, 5 шаҳарча бор (2000). Маркази — Калининград ш.

Калининград вилояти Болтиқ денгизи жан.-шарқий соҳилининг бир қисмини эгаллайди. Жан. да Польша билан чегарадош. Ер юзаси бир оз кўтарилган пасттекислик, жан-шарқида Болтиқ грядаси бор. Соҳили қумли пляждан иборат. Шим. да Калининград вилояти ҳудудининг бир қисми денгиз сатҳидан пастда жойлашган. Фойдали қазилмалардан тоштуз, қўнғир кўмир, гил, қурилиш қумлари, нефть, торф бор. Иқлими денгиз иклими билан мўътадил континентал иклим орасида. Янв. нинг ўртача т-раси —3° дан —5° гача, июлники 15—17°. Йилига қарийб 700 мм ёғин тушади. Вегетация даври 155 — 180 кун. Ҳудудининг 12% ички сувлар б-н банд. Йирик дарёлари: Неман ва Преголя. Юздан ортиқ кўл бор. Вилоятнинг 7% ҳудуди ботқоқлик. Тупроқлари подзол ва чимли подзол тупроқлар.

Асосий саноат тармоқлари: озиқ-овқат (асосан, балиқни қайта ишлаш), машинасозлик, целлюлоза-қоғоз, енгил саноат. Каҳрабо қазиб олинади ва ишлов берилади (Янтарний ш.). Машинасозлик корхоналари, балиқ саноати учун жиҳозлар, компьютерлар, Ернинг сунъий йўлдошлари учун кичик ракета двигателлари, газ қувурлари учун жиҳозлар, ёритиш техникаси, микродвигателлар, савдо жиҳозлари, ўзи юк ортадиган йирик вагон-думпкарлар, электр юк ортиш машиналари, кемалар ва б. ишлаб чиқарилади. Ёғочсозлик ва целлюлоза-қоғоз саноатлари учун хом ашё Россиянинг шим. дан келтирилади. Қурилиш материаллари и. ч., енгил, гўшт ва сут, мебель саноатлари ҳам ривожланган. Саноат корхоналарининг аксари қисми Калининград, Черняховск, Гусев, Светлогорск, Неман ва б. шаҳарларда жойлашган. Қ. қ. нинг асосий тармоклари: сут-гўшт чорвачилиги, чўчқачилик, паррандачилик. Қорамол, чўчқа, қўй ва эчки бо-қилади. Балиқ овланади. Сабзавотчилик ва картошкачилик билан шуғулланилади. Ғалла (баҳорги арпа, сули, кузги буғдой, жавдар), емхашак экинлари экилади. Мўйнали даррандачилик ривожланган. Денгиз транспорта (портлари — Калининград ва Балтийск) тараққий этган. Неман ва Преголя дарёларида кема қатнайди. Курортлари — Светлогорск, Зеленоградск.