КАЛИФОРНИЯ ҚАЛҚОНДОРИ

КАЛИФОРНИЯ ҚАЛҚОНДОРИ (Quadraspidiotus perniciosus Comstock) — тенг қанотли хартумлилар туркумининг қалқондорлар оиласига мансуб ҳашарот. 1881 й. даД. Комсток томонидан Калифорния (АҚШ)да аниқланган. Мевали, манзарали ва баргли ўрмон дарахтларининг карантин ўта хавфли зараркунандаси. Урғочилари оч сариқ рангда, танаси думалоқ. Танасининг устки томони туқ кулранг, диаметри 2 мм, қалқон билан қопланган. Оғиз органлари сўрувчи, кўзи, мўйлови, оёғи ва қаноти йўқ, кам ҳаракатчан. Май—июль ойларида бир урғочиси 200—500 та тирик личинка туғади. Бир йилда 3 ав-лод беради. Кўпроқ олма, нок, шафтоли, ўрик, олхўрига қаттиқ зарар етказади. Мевали дарахтларга тушиб, пўстлоғи, новдаси, барги ва меваларини зарарлайди. Асосан, зарарланган меваларда ёки новдаларда қизғиш доғлар пайдо бўлади, пўстлоқ ёрилади, барги тўкилиб, дарахт қуриб қолади. Ўзбекистон ҳудудига 1964 й. да кўчатлар билан келиб қолган. Деярли ҳамма вилоятларда учрайди. Биологик курашда хонқизи ва хальцид паразитлардан фойдаланилади. Энг самарали усули, мева дарахтларига гуллашдан олдин эрта баҳорда №30 препарати (40—100 л/га) ёки гули тушганидан кейин БИ-58 препарати (0,8—2,0 л/га), ўсув даврида карбофос (1,0—3,0 л/га) пуркалади.

Ад.: Константинова Г. М., Ко-заржевская Э. Ф., Калифорнийская щитовка, М., 1990.