КАЛИФ

КАЛИФ — Амударё бўйидаги қад. шаҳар ва кечув номи. Амударёнинг энг тор ерида қурилган. Археологик маълумотларга кўра, Калиф милоднинг бошларида бунёд этилган бўлсада, у Александр (Искандар Мақдуний) давридаёқ мавжуд бўлганлиги эҳтимоли бор. Тарихчиларнинг фикрига кўра юнон-македон қўшини айнан шу ердан Амударёни кечиб ўтган. 10-а. да шаҳар дарёнинг ҳар икки қирғоғини эгаллаган. Шаҳарнинг асосий қисми дарёнинг сўл қирғоғида бўлиб, унда Зулқарнайн работи, жоме масжиди жойлашган. Унинг қаршисида, дарёнинг ўнг қирғоғида Зулкифл работи бўлган. Ибн ал Асирнинг ёзишича, Амударёга қурилган дастлабки сузувчи кўприк (понтон) 11-а. да Маҳмуд Ғазнавий томонидан қурилган. Султон Маҳмуд қорахонийлар хоқони Арслонхоннинг даъватига биноан, Қодирхонга қарши чиққанда шу ердан ўтган. Дарёнинг бу ердаги кенглиги 3 минг қадамга яқин бўлган. Маҳаллий ривоятларга кўра, Калиф яқинида Зулқарнайн, яъни Искандар бутун бойликлари, олтинлари билан дафн қилинган. Ҳофизи Абрунинг ёзишича, Искандар Калифда хазинасини кўмиб қуйган, кейинчалик уни сосонийлар шоҳи Ануширвон излаб топа олмаган. В. В. Бартольднинг фикрича, исломдан аввал Калифда маҳаллий динга оид бош саждагоҳ бўлган, кейинчалик уни Искандар билан боғлашган.

Ўрта асрларда Калиф шаҳрининг аҳамияти шу қадар ошганки, ҳатто Амударё «Калиф дарёси» деб ҳам атала бошлаган. 12-а. да Калиф мустаҳкам қалъа бўлган. Амир Темур ва темурийлар даврида ҳам Калиф муҳим кечув ери саналган. 17-а. К. шаҳри фақат дарёнинг сўл қирғоғини эгаллаган. Унинг мудофаа деворлари бу даврда вайрон қилинган бўлиб, унда фақат кемачи ҳунармандлар ва хирож тўпловчи амалдорлар яшаган. 17-а. охирида сўл қирғоқдаги Калиф узил-кесил таназзулга учрайди, бу Амударёдан чиқарилган Фохир каналининг қуриб қолиши билан боғлиқ эди. Шу даврдан бошлаб Калиф ҳозиргача ўнг қирғоқда ривожланиб келмоқда.

Ад.: Камалиддинов Ш. С, Историческая география Южного Согда и Тохаристана по арабоязычным источникам IX – начала XIII вв., Т., 1996.