КАЛИФ-ШЕРОБОД ҚАТОР ТЕПАЛАРИ

КАЛИФ-ШЕРОБОД ҚАТОР ТЕПАЛАРИ — Ҳисор (Кўҳитангтов) тизма тоғларининг жан.-шарқий этаклари ва Сурхондарё вилоятидаги қатор тепалар. К.-Ш. қ. т. жануби-ғарбдан шим.-шарққа томон чўзилган. 2 қисмдан иборат: Калиф қисми Амударёдан бошланиб Туркманистон билан Ўзбекистон чегарасигача давом этади. Шеробод қисми эса чегарадан Шеробод дарёсигача чўзилган. Калиф қисми уз. 26 км, энг баланд жойи 839 м. У 2 қисмдан: шим.-ғарбий (Катта-Чағал, 839 м; Киян-Чағал, 519 м; Коражадоғ, 446 м) ва жан.-шарқий қисми (Рангибалан, 705 м ва Кулапашар, 446 м)дан иборат. Уларнинг ораси пастқамлик. Энг кенг жойи 12 км. Шеробод қисми нисбатан энсизроқ (8—10 км), уз. 50 км, икки қатор тепа — гряда бўлиб, шим.-ғарбий қисми Оқтов (985 м), Қорачағил (1116 м), жан.-шарқий қисми эса Оқтов (850 м), Дарагитов (860 м) ва Хўжаибеш (1100 м) дан иборат. К.-Ш. қ. т. кучли парчаланган. Жан.шарқий ён бағирлари нисбатан ётиқроқ ва қия текисликка айланиб аста-секин Шеробод чўлига туташади. Шим.-ғарбда эса Пошхурд ботиғи ва Қўҳитангтов тоғ олди паст-баланд қирлари ва паст тоғлари билан туташади. К.-Ш. қ. т. нинг сувайирғичлари палеогеннинг нурашга чидамли қумтошларидан тузилганлиги туфайли шакли кескин ифодаланган ва қуйида ётган жинсларни нурашдан сақлайди. Антиклиналларнинг ўқ қисми бўр (гил, қумтош, алевролит ва мергель), ён бағирлари эса палеоген ва неоген даврлари (қумтош, оҳактош) жинсларидан ташкил топган. Қатор тепалар учун куэста рельеф шакли хос. Доимий оқар дарёлар йўқ. Музработ, Талхаб дарасидан оқиб ўтувчи сойлар баҳорда серсув. Тупроклари оддий бўз тупроқ, Шеробод тепалари тўқ бўз тупроқ. Ётқизиқлар таркибида гипс ва туз мавжуд бўлганлиги туфайли тупроқлар, грунт ҳамда қудуқ сувлари ҳам шўр. Қўнғирбош, ранг, шувоқ, биюрғун, шўра, гулхайри, оққурай ва б. ўсимликлар ўсади. Асосан, чорвачилик, айрим жойларда лалми деҳқончилик б-н шуғулланилади. Яйловларнинг маҳсулдорлиги гектарига ўртача 1—3 ц.