КАЛЕДОН БУРМАЛАНИШИ

КАЛЕДОН БУРМАЛАНИШИ (Шот ландиянинг лот. номи Каледониядан) — эрта палеозой ва силур даврларида содир бўлган tof ҳосил бўлиш жараёни. Баъзи ҳудудларда девон даврида якунланган. Каледон бурмаланиши терминини фанга француз геологи М. Бертран 1887 й. да киритган. Каледон бурмаланиши Британия о. ларининг катта қисми, Скандинавия я. о. нинг шим.ғарбий қисмида, Шпицберген о. ларида, Осиёда — Марказий Қозоғистоннинг ғарбий қисми, Ғарбий Саян, Тоғли Олтой, Монголия Олтойи, Жан.-Шарқий Хитой, Шарқий Австралияда, Гренландиянинг шим. ва шарқий қисмида, шунингдек, Шим. Аппалачи ва б. жойларда бўлиб ўтган. Каледон бурмаланиши чўкиш ва кўтарилиш даврларини ўз ичига олади. Каледон бурмаланишининг энг дастлабки фазаси кембрийнинг ўрта ва охирига, асосий фазалари эса ордовик охири — силур боши ва охирига ҳамда девон бошига тўғри келади. Дастлаб геосинклиналь ҳавзалар пайдо бўлган. Бу ҳавзалар гилли сланец, граувакка, спилитдиабаз, диабаз, оҳактош каби тоғ жинсларидан ташкил топган. Геосинклиналь ҳавзалари Каледон бурмаланишининг 2-даврида кўтарилиб, ундаги қатламлар бурмаланган ва уларнинг ўрнида тоғ тизмалари пайдо бўлган. Ернинг геологик ривожланиш тарихини ўрганишда Каледон бурмаланишининг ўрни муҳим. Каледон бурмаланишининг герцин бурмаланишидан фарқи кўплаб ҳудудларда геосинклиналь ривожланиши якунланмаганлиги, яққол ифодаланган олд ботикларнинг йўқлиги, кечки калийли гранитларнинг камлиги ва эрта геосинклиналь вулканизм ва офиолитларнинг кенг тарқалганлигидадир. Каледон бурмаланиши бўлган ҳудудлардан хром, никель, олтин, нодир металлар, фосфор конлари кўп топилган.

Ад.: Тектоника Евразии, М., 1966; Пронин А. А., Каледонский цикл тектонической истории Земли, Л., 1969.