КАЛАНДР

КАЛАНДР (франц. calande — думалатиш, ялтиратиш) — материаллар (газлама, қоғоз, резина ва б.)га гул босиш, уларни силлиқлаш, ялтиратиш, зичлаш машинаси. Каландр горизонтал жойлашган металл валлар (2—20 та)дан иборат бўлиб, улар орасидан рулон ёки лист материаллар ўтказилади. Валлар ричаг-юк, пневматик ва гидравлик қурилмалар ёрдамида қисилади ҳамда кўтарилади. Қоғоз и. ч. да Каландрнинг машинали, суперкаландр, калибрловчи ва босма нақш туширадиган хиллари бор. К. тўқимачиликда, резина и. ч. да, пластмассалардан полимер плёнкалар ва буюмлар тайёрлашда, қоғоз саноатида қўлланилади.