КАЛАН

КАЛАН,денгиз қундузи, камчатка сусари (Enhydra lutris) — сусарлар оиласига мансуб сут эмизувчи. Шу уруғнинг ягона тури. Калан сусарларнинг энг йирикларидан бири, танасининг уз. 100—150 см, думи 30—36 см. Сувда яшашга мослашган. Олдинги оёклари калта, бармоқлари бўғимларга бўлинмаган, панжа ва товонлари эшкакга айланган. Сувга шўнғиганда қулоқлари ва бурун тешиги бекилади. Сув остида 45 мин. гача тура олади. Юнги қалин, қорамтир қўнғир, баъзан тимқора. Йил давомида туллайди. Тинч океан соҳиллари бўйлаб Калифорниядан Аляска, Алеут оролларигача, Камчаткадан Япониягача тарқалган эди. Қимматли мўйнаси учун кўплаб овланиши туфайли 19-а. ўрталарида ареалининг ҳамма қисмларида деярли қириб юборилган. 1911 й. Халқаро конвенцияга кўра, қўриқхоналарнинг ташкил этилиши ва б. тадбирлар туфайли сони тикланмоқда. Денгиз соҳилида яшайди, сокин обҳавода кечаси ҳам денгизда қолади. Қуруқликда секин ҳаракат қилади. Бўғозлик даври 8—9 ой, урғочилари ҳар 2 йилда бир марта болалайди. Болаларининг кўзи очиқ, сут тишлари ривожланган. Денгиз типратиканлари, моллюскалар ва балиқлар билан озиқланади. Калан соҳил бўйи биоценозларининг асосий компоненти, умуртқали ҳайвонлар сонини бошқариб туриши, қўнғир сув ўтларининг сақланиб қолишида муҳим аҳамиятга эга. Денгиз сувининг ифлосланиши, айниқса нефть маҳсулотлари Калан учун катта хавф туғдиради. 2 кенжа тури мавжуд, муҳофаза қилинади.