КАКЛИК

КАКЛИК (Alectoris kakelik) — қирғовулсимонлар оиласига мансуб қуш. Оғирлиги 370—770 г. Ранги яшайдиган жойига мос бўлади. Тумшуғи, оёқлари қизил. Нарининг оёғида кичкина тўмтоқ пихи бор. Жан. Европада, Кичик, Ўрта ва Марказий Осиёда тарқалган. Қримда йўқолиб кетган эди, ҳозир қайтадан иқлимлаштирилмоқда. Ўрта Осиё тоғларида, тоғ ён бағирларида ўтроқ яшайди. Жуда ҳушёр, тез югуради, лекин узоқ масофага учолмайди. Тоғларда яшашга мослашган. Каклик — моногам қуш. Мартда урчий бошлайди. Уясини тошлар, буталар, ўтлар остига қуради. 6—24 тухум қўяди. Жўжаси тухумдан 20 кунда чиқади ва эртасигаёқ ота-онасига эргашиб юради. Ўсимликларнинг куртаги, барглари, дон ва уруғлари, ҳашаротлар, уларнинг личинкалари билан озикланади. Гўшти жуда мазали, овланади. Декоратив сайроқи қуш сифатида тўрқафасда боқилади.