КАКАЙДИ НЕФТЬ КОНИ

КАКАЙДИ НЕФТЬ КОНИ — Жарқўрғон туманидаги кон. Жарқўрғон ш. дан 20 км шим.-шаркда жойлашган. Кон тўғрисида дастлабки маълумотлар 19,14 й. га тааллуқли. 1934 й. да геологик съёмка натижасида антиклиналь структура мавжудлиги аниқланган. 1937 й. да дастлабки разведка қудуғи қазилди. 1939 й. да палеоцен охактошларидан саноат аҳамиятига молик нефть олинди. 1940 й. да кон фойдаланишга топширилди. Какайди нефть кони жойлашган ҳудуд бир неча тепаликдан иборат бўлиб, сойлар билан кесилган. Кон кесимида бўр, палеоген ва неоген ётқизиқларининг мавжудлиги кайд этилди. Энг чуқур 73-қудуқда бўр қатламлари (120 м гача) очилган. Палеоген ётқизиқларининг қалинлиги 780—790 м, неоген ётқизиклариники эса 560—840 м оралиғида. Бутун кесим оҳактош, мергель, қумтош, гиллар ва улар аралашмаларининг навбатланишидан ҳосил бўлган жинслардан иборат.

Какайди структураси тектоник жиҳатдан Жайранхона. — Каттабош антиклиналининг бир қисми бўлиб, улар Сурхон мегасинклинали таркибига киради. Какайди структураси камбар узун асимметрик шаклда бўлиб, шим.-шарқий йўналишда чўзилган. Унинг шим.ғарбий қаноти қияроқ. Структуранинг ўлчами 18,5×1,8 км, бал. 175 м. Неоген ётқизиқлари бўйича структуранинг уз. 27 км, эни 4 км. Жинсларнинг ётиш бурчаги гумбазда 7—10°, шим.-ғарбий қанотда 50—65°, жан.-шарқий қанотда эса 30—40° га етади. Бухоро катларининг 1-горизонти бўйича структуранинг уз. (—720 изогипси бўйича) 7,5 км, эни 0,9 км. Уюмнинг майд. 592 га, бал. 100 м.

Кон ҳудудида 25 қудуқда 124 объект синаб кўрилган. Шундан 22 объектда (18 қудукда) сувсиз нефть, 4 тасида нефть ва газ, 71 тасида нефть ва сув, 28 тасида сув ва биттасида нефть белгилари билан сув олинган. Саноат аҳамиятига молик нефть уюмлари 1-, 2-, 3-горизонтлар билан боғлиқ.

Қудуқларнинг дастлабки дебити 20 т/ сутка, дастлабки қатлам босими —12,3 мПа, дастлабки газ омили 1—2 м3/т. Фойдаланиладиган қудуқлар сони 14 та.

2001 й. гача кондан 3,4 млн. т нефть олинди. Конда 25 та қудуқ ишламоқда, уларнинг дебити нефть бўйича 1,7 т/сутка, суюқлик бўйича 44,2 т/сутка.