КАКАО

КАКАО (Thebroma cacao) , шоколад дарахти — 1) стеркулиядошлар оиласи Theobroma авлодига мансуб доим яшил дарахтлар тури. Марказий ва Жан. Америка ўрмонларида ёввойи ҳолда ўсади (уруғи майда ва аччиқ). Қадимдан бу дарахт Мексикада экилган. Европага (Испания) 1520 й. келтирилган. 17-а. да Венесуэлада, сўнгра Бразили-яда, 19-а. охири (1884 й. дан) Африкада экила бошлаган.

Ер юзида 11,5 млн га какаозорлар бор (2000). Ўртача ҳосилдорлиги 6,16 ц/ га; К. энг кўп Африкада (3,8 млн. га), Жан. Америкада, Осиё (Филиппин, Ҳиндистон, Яман, Индонезия)да экилади. Какао кўп йиллик доимий яшил дарахт. Бўйи 4—8 м га боради. Какао ўстириш учун ёғингарчилик йилига 2—5 минг мм, доимий қурғоқчилик даври 3—4 ойдан ошмайдиган, ўртача ҳаво ҳарорати 2 Г дан кам бўлмаган худудлар қулай ҳисобланади. Шундай шароитда Какаонинг маданий тури йил давомида гуллайди, мева ҳосил қилади. Тиним даври жуда қисқа бўлади ёки бўлмаслиги ҳам мумкин. Ёғингарчилик кам бўлган йиллари кам ҳосил беради ва дарахтлар қуриб қолади. Уруғидан, қаламчасидан пайванд қилиб кўпайтирилади. Кўчати ўтқазилгандан кейин 4—5-йилдан ҳосил беради, 10-йили тўлиқ ҳосилга киради. Какао меваси (уз. 30 см гача) 300—600 г келади, қар бир мева ичида 25—60 уруғ (дуккак) бўлади. Меваси 4—5 ойда етилади. Бир дарахтдан 0,5—2 кг (12—15 ц/га) уруғ олинади. Уруғи таркибида 50—53% мой, 14,5% азотли моддалар, 1,3—1,7% теобромин алкалоиди, ошловчи моддалар, оқсил, қанд, крахмал мавжуд. Дуккаги қайта ишлашдан олдин тозаланади, ферментланади, қуритилади, қовурилади, дуккак пўчоғидан ажратилади, майдаланади ва пресс машиналарда мойи олинади (қ. Какао мойи). Ўзбекистонда экилмайди, чунки тупроқ-иқлим шароити Какао биологиясига мос эмас;

2) какао уруғи кунжарасидан олинадиган кукун (упа) ва ундан иссиқ ва совуқ ичимлик тайёрланади. Кукун таркибида 15% гача ёғ мавжуд. Шунингдек, Какао кукуни ширинлик. (крем, музқаймоқ), қиём ва б. га қўшилади.

Иссиқ Какао ичимлиги тайёрлаш учун кичик кострюлькага 2 чой қошиғида какао упаси, шакар (таъбга кўра), бир оз сут солиб, упанинг қумоқлари йўқолгунча эзилади. Ҳосил бўлган бўтқага оз-оздан иссиқ сут (бир стаканча) қўшилиб, қайнаган заҳоти оловдан олинади.