КАКАДУЛАР

КАКАДУЛАР (Kakatoeinae) — тўтиқушларнинг кенжа оиласи. 17 тури маълум, 5 уруғга бирлашган. Зағчадан то қарғагача катталикда бўлади. Кўпчилигининг бошида кокили яхши ривожланган. Австралия, Тасмания, Янги Гвинея, Филиппин ва Индонезияда тарқалган. Ҳамма турлари ўрмонларда яшайди. Дарахт коваклари ва қоялар орасига ин қуради. 2—5 та оқ тухум қўяди. Мевалар, ёнғоқлар, данаклар ва баъзан ҳашаротлар билан озиқланади.