КАИНИТ

КАИНИТ (юн. kainos — янги) — сульфатлар синфига мансуб минерал, кимёвий формуласи (KMgSO4)Cl-3H2O. Минерал ўта гигроскопик, ҳавода тўзувчи донадор ва пўстлоқсимон оқиш массалардан иборат. Моноклин сингонияли; ранги таркибидаги қоришмаларга боғлиқ ҳолда турлича бўлади — сарғиш, кулранг баъзан қизил; шишасимон ялтироқ; сувда осон эрийди. Қаттиқлиги 2,5—3; зичлиги 2—2,2 г/см3. Сульфатли туз конларида вужудга келади, кизеритли, карналлитли, галитли ва б. аралашмаларда кўп учрайди. Ўзбекистонда кенг тарқалган. Қ. х. ўғитлари учун, калий ва магний тузларини олишда хом ашё сифатида фойдаланилади.