КАГАРОВ Медат Айтохунович

КАГАРОВ Медат Айтохунович (1940.15.6, Олмаота) — график рассом, Ўзбекистан халқ рассоми (1990). Москва Олий бадиий саноат билим юртини тугатган (1965). 1965 й. дан Ўзбекистонда. Тошкент театр ва рассомлик санъати инти (1965—74) ва Республика рассомлик билим юрти (1974 — 82)да дарс берган. Кагаров ижодий изланувчан, бир қолипда ишлашдан холи бўлган янги, бой график воситаларни излаб топади, дастгоҳ ва китоб графикасида, шунингдек, экслибрисда ижод қилади. 30 дан ортиқ график туркум асарлар яратди. Навоийнинг «Сабъаи сайёр» (1977), Ў. Сулаймоновнинг «Айланайин» (1987), А. Ориповнинг «Ишонч кўприклари» (1989) ва б. китобларни бадиий безади. 1990 й. дан рангтасвирда ҳам ижод қилади («Жонажон ўлка», 1993; «Бораётган карвон», 1994; «Ипак йўлида», 1996; «Ўзгаришлар китоби», 1999 ва б.).