КАФОЛАТЛИ ТЎЛОВЛАР — Ўзбекистон Республикасида меҳнат қонунчилигига мувофиқ, амалга ошириладиган пуллик тўловлар. Бундай тўловлар ходим узрли сабабларга кўра, ўз хизмат вазифаларини амалда бажармаган вақти учун тўланади. Кафолатли тўловлар ходимларнинг моддий манфаатларини кўриқлаш мақсадида, улар давлат, жамият ёки иш берувчига тааллукли, хизмат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажариш учун жалб этилган такдирда ўртача иш ҳақи ўрнида; иш ҳақидан фарқ қилиб, ишнинг миқдори ва сифатига кўра эмас, балки ходим ўз ҳуқуклари ва мажбуриятларини адо этишининг моддий шарти тарзида тўланади. Кафолатли тўловларнинг ижтимоий вазифаси — ходим ишламаган даврларда унинг турмуш даражаси пасайиб кетишига йўл қўймасликдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ходимлар томонидан: а) давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётган вақтида (165-модда); б) иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш вақтида (166-модда); в) жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилганда (167-модда) бериладиган Кафолатли тўловларнинг турлари белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 й. 11 мартдаги 133-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида ходимларнинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажариши, шунингдек, уларнинг жамият манфаатларига доир ҳаракатларни амалга ошириши билан боғлиқ Кафолатли тўловларни бериш тарти-би тасдиқланган. Ушбу норматив ҳужжатга мувофиқ, «ходим томонидан давлат ва жамоат вазифаларини бажариш» дейилганда сайлов ҳуқуқини амалга ошириш, депутатлик ҳуқуқларини бажариш; тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси ишида қатнашиш; ҳарбий бурчни адо этиш; дастлабки тергов ва одил судловни амалга оширишда гувоҳ, жабрланувчи, эксперт, мутахассис, таржимон, холис тарикасида чақирилганда, суд мажлисларида жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси, халқ маслаҳатчиси, жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоаларининг вакили сифатида иштирок этиш кабилар; «жамият манфаатларига дойр ҳаракатлар» дейилганда фалокат ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш, инсон ҳаётини сақлаб қолиш ва б. ҳолларда тиббий текширувдан ўтиш, қуйиш учун қон топшириш кабилар назарда тутилади ҳамда ушбу вактларда уларнинг ўртача иш ҳаклари саклаб қолинади.
Ходим шундай ишларни бажарганлиги ваколатли органнинг берган маълумотномаси билан тасдиқланади ва ходимга унда кўрсатилган барча вақт учун ўртача иш ҳақи микдорида Кафолатли тўловлар берилади. Ходим томонидан давлат ва жамият вазифаларини бажарганлик, жамият манфаатларига доир ҳаракат қилганлик б-н боғлиқ бўлган харажатлар бюджет ташкилотларида,бюджет ҳисобидан, хўжалик ҳисобидаги корхоналарда эса солиқ суммаларини тегишлича камайтириш йўли билан қопланади.