«КАФОЛАТ» СУҒУРТА КОМПАНИЯСИ — Ўзбекистондаги ихтисослаштирилган давлат-акциядорлик суғурта компанияси. ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 1997 й. 14 мартдаги қарорига кўра очиқ акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилган. Бошқарув дирекцияси Тошкент ш. да. Республиканинг барча вилоятлари марказлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент ш. да 14 филиали, республика шаҳарларида 56 бўлими фаолият кўрсатади.
Банкнинг асосий акциядорлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (ҳиссаси 8,33%), «Ўзагросуғурта» давлат-акциядорлик компанияси (50%), «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий инвестиция компанияси (8,33%), «Асакабанк» (1,64%), «Ипак нури» банки (1,67%) ва б. Акцияларнинг 30% очиқ сотувда жойлаштирилган. Республикада 30 дан ортиқ турдаги суғурта хизматлари кўрсатади, жумладан, аҳоли ва мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар мулкини; гаровга қўйилган мулкни; фуқароларнинг иморатларини ва уй мулки, уларнинг хўжаликларидаги уй ҳайвонларини; жисмоний ва юридик шахсларнинг транспорт воситаларини; юкларни; ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларини; фуқаролар ҳаёти ва саломатлигини; спортчиларни йиғинлар ва мусобақалар даврида; биржа брокерлари; нотариусларнинг касб масъулиятини ва б. ни суғурталашни олиб боради. Компаниянинг устав капитали (млн. сўм) 600, жавобгарлик ҳажми суммаси 150784,9, суғурта мукофотлари суммаси 1089,9, тўланган қопламалар ҳажми 70,0 (2001).
Шерали Имомов.