КАФКА

КАФКА Франц (1883.3.7, Прага – 1924.3.6, Кирлинг, Вена яқинида) — австриялик ёзувчи. Ижодини 1909 й. да ҳикоялар ёзишдан бошлаган. «Кузатиш» (1913) ҳикоялар тўплами, «Хукм», «Гўлоҳ» (1913), «Ўзгариш» (1916) ҳикоялари алоҳида нашр этилган. 1-жаҳон урушидан сўнг Кафка «Ахлоқ тузатиш колониясида» (ҳикоя, 1919), «Қишлоқ шифокори» (1919), «Йўқсил» (1924) тўпламларини нашр этди. Кафкани дунёга машқур қилган «Америка» (тугалланмаган, 1914), «Жараён» (1915), «Қўрғон» (1922) романлари, «Хитой девори қурилишида» (1931) ва б. ҳикоялар тўплами муаллифнинг вафотидан сўнг эълон қилинган. Кафка асарларида воқеаларнинг муболағали ва рамзий тасвирлари орқали инсоннинг нодонлик ва жаҳолат қаршисидаги фожиавий ожизлиги акс эттирилган. Уларда қонун ва инсон, нур ва зулмат мавҳумлик ҳолатида берилган, бу ҳолатдан қутилишнинг иложи топилмайди. Ижоди 20-а. Ғарб адабиётига кучли таъсир кўрсатган (қ. Экспрессионизм, Модернизм). «Отамга хат» (Вафо Файзулло таржимаси, 2001), «Эврилиш», «Очлик санъати» ва б. асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

Ac: Ахлоқ тузатиш колониясида. Ҳикоялар, Т., 1984.