КАДМИЙ СЕЛЕНИД

КАДМИЙ СЕЛЕНИД, CdSe — тўқ қизил рангли кристалл модда. Кристаллари, асосан, гексогонал панжарали, шунингдек, кубсимон панжарали беқарор ва фақат юқори босимда мавжуд бўлган кубсимон панжарали модификациялари маълум. Суюқланиш т-раси 1263°; зичлиги 5,81 г/см3, яримўтказзич. Сувда эримайди, хлорид, нитрат ва сульфат кислоталар таъсирида парчаланади. Кадмий селенид кадмий билан селении қиздириш ёки газ фазада, CdSO4 эритмасидан H2Se таъсирида чўктириш, CdS билан H2SeO3 ни, кадмий ва селеннинг органик бирикмаларини ўзаро таъсир эттириш йўли билан олинади. Кадмий селенид — яримўтказгич лазерларда фаол муҳит ҳосил қилишда, фоторезисторлар тайёрлашда, фотодиодлар, қуёш батареялари, эмаллар, сирлар ва бадиий бўёқлар учун пигмент сифатида қўлланилади.