КАДЕНЦИЯ

КАДЕНЦИЯ, каданс (лот. cado — тугаяпман) — 1) муайян мусиқа тузилмасини якунловчи гармоник ёки оқанг ибораси, куй ёки аккордлар ривожига яхлитликни бахш этади. Каденциянинг бир нечта тури бўлиб (тўлиқ, мукаммал, ўрта, хотима ва б.), улар асар парчаларини бир-биридан ажратиб, айни вақтда, мусиқа тузилмаларининг ўзаро мантиқан боғланишига ҳам хизмат қилади;

2) концерт каби йирик асарлардан ўрин олган, якка ижрочи (солист) учун мўлжалланган эркин шаклли виртуоз мусиқа лавҳаси. Каденция ижрочининг юксак маҳоратини намойиш этишга қаратилган.