КАДАСТР

КАДАСТР (франц. cadastre) — муайян объектлар тўғрисида тартиблаштирилган аниқ, ва зарурий маълумотлар мажмуи, рўйхати, реестри (мас, ер кадастри, сув кадастри кабилар). Расмий давлат органи ёки муассасаси томонидан тузилади ва юритилади. Бошқа давлатлардаги каби Ўзбекистон Республикасида табиат ресурслари, ноёб ўсимлик ва ҳайвонлар К. лари ҳам бор (мас, 1960—2001 й. ларда Жиззах вилояти Зомин текислигида ўтказилган 40 йиллик Кадастр тадқиқотлари 1965 й. да 1 м2 майдонда урғочи қорақуртнинг ўртача зичлиги 2,5 дона бўлганлигини, 2001 й. да бу кўрсаткич 0,05 донани ташкил этганлигини кўрсатди, инсоннинг табиатга салбий таъсири оқибатида қорақурт сони камайиб кетганлиги аниқланди). Ўзбекистон Республикасида давлат Кадастрлари ягона тизимига кирувчи давлат ва тармоқ табиат ресурслари К. ларини тузиш ва юритиш Ўзбекистон Республикасининг «Давлат кадастрлари тўғрисида» қонуни (2000 й. 15 дек.)га мувофиқ олиб борилади.