КАБУЛ ТЕКСТАЙЛЗ

«КАБУЛ ТЕКСТАЙЛЗ» — Жан. Кореядаги корпорация. Ака-ука ишбилармонлар Ча-Ка ва Ча-Ол томонидан 1950 й. да ташкил қилинган. Пахта толасидан калава ип, дағал ип, газлама, сатин, чит матолар ишлаб чиқаради. Бош идораси Сеул ш. да. «Кабул текстайлз»нинг хорижда 6 та ваколатхонаси (АҚШ, Германия, Хитой, Шри Ланка, Гонгконг, Ўзбекистонда), Кореяда 3 та корхонаси, хорижда 10 та қўшма корхонаси бор. АҚШда 1 (ЛосАнжелесда), Хитойда 4, Тожикистонда 1 (Хўжанд ш. да) ва Ўзбекистонда 3 (Тошкент, Тўйтепа, Фарғона ш. ларида) қўшма корхона ташкил қилинган (2002). Жан. Кореядаги 3 та корхонасида ип йигириш, тўқимачилик, газламага гул босиш жараёнлари бажарилади, ялпи қуввати 300 минг урчуқдан иборат. Ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажми йилига тахм. 200 млн. АҚШ долларини, ҳар бир корхонада ходимлар сони 2000—2500 нафарни ташкил қилади. Ўзбекистонда қўшма корхоналарни ташкил қилиш учун Тўйтепадаги «Кабул-Тўйтепа ЛТД» қўшма корхонага (1996 й. да ишга туширилган) 107 млн., Тошкент (Кўкча) даги «Кабул-Ўзбек» қўшма корхонага (1999 й.) 114,9 млн., Фарғонадаги «Кабул-Фарғона» қўшма корхонага (2001Й.) 115,0 млн. АКЩ доллари микдорида инвестиция киритилган. Тошкент, Тўйтепа, Фарғонадаги корхоналарида ип йигирув ва тўқимачилик ф-калари ташкил қилинган бўлиб, Тўйтепада 101760 урчуқ, Тошкентда 115576 та, Фарғонада 110 мингдан ортиқ урчуқ ўрнатилган. Тўқув фабрикаларида «Пиканос» русумли дастгоҳлардан Тўйтепада 34 та, Тошкентда 84 та, «Ваматекс» русумли дастгоҳдан фақат Тўйтепадаги корхонада 96 та ўрнатилган. Барча қўшма корхоналарда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар: пахта толасидан йигирилган ип, спандекс билан йигирилган ип (10-номердан 40-номергача), дағал ип газлама (100 г/м — 400 г/м гача), дағал ип газлама спандекс билан (100г/м—400г/м гача).

Тўйтепадаги корхона йилига 21600 т, Тошкент ва Фарғона корхоналар 26500 т дан калава ип ишлаб чиқаради. Дағал ип газлама ишлаб чиқариш бўйича йиллик қувватлар Тўйтепада 14 млн., Тошкент ва Фарғонадаги корхоналарнинг ҳар бирида 9,0 млн. м ни ташкил килади.

Ўзбекистонда 3 қўшма корхона бўйича бир йилда сотиладиган маҳсулот ҳажми 150 млн. АҚШ долларини ташкил қилади. Ўзбекистонда қурилган корхоналарда кейинчалик матоларга гул босиш ва тайёр кийим маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мўлжалланган.

Садир Салимов.