КАБИРА

КАБИРА (араб. — катта, йирик) — исломда энг катта ва оғир гуноҳ. К. нинг энг биринчиси ва Аллоҳ томонидан кечирилмайдигани — куфр (Аллоҳни инкор этиш) ва ширк (Аллоҳга бирор нарсани тенг қилиш)дир. Кабиранинг турлари кўп. Мас, ота-онани норози қилиш, бировнинг жонига ноҳақ қасд қилиш, сеҳр-жоду билан шуғулланиш, ёлғон гувоҳлик бериш, туҳмат қилиш, зинокорлик, ўғрилик, судхўрлик, фарз ибодатларни бажармаслик, ҳаром қилинган нарсаларни истеъмол этиш ва ҳ. к. Ширк ва куфрдан бошқа гуноҳлар қиёмат куни Аллоҳ томонидан кечирилиши ёки улар учун маълум меъёрда жазо берилиши мумкин. Суннийҳанафийлик ақидасига кўра, куфр ва ширкдан бошқа ҳар қандай гуноҳ қилган мўмин-мусулмон киши кофир бўлиб қолмайди, балки гуноҳкор ҳисобланади.