ҒУЛОМИЯ

«ҒУЛОМИЯ» — Октябрь тўнтаришигача Тошкентда тошбосма усули билан маҳаллий тилда китоб нашр этилган босмахона. 1889 й. Ғулом Ҳасан Орифжонов томонидан дастлаб муқовахона, 1908 й. тошбосмахона очилган. Ғ. Ҳ. Орифжонов ўзи ҳам ўзбек классиклари асарларини кенг ёйиш ва хаттотлик санъати анъаналарини тараққий эттириш тарафдори бўлган, хаттотлик қилган.

«Ғуломия»да босилиб чиққан дастлабки китоблардан бири Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си бўлган («Шоҳномаи Фирдавсий»). Сўнг Навоий «Девон»и, Фузулий «Ғазалиёт»и, Муқимий «Баёз»и, шунингдек, «Ҳафтияк», «Сўфи Оллоёр», «Чор китоб», «Қуръ-он», «Нодир ул-меърож», «Тасҳиҳ ул-имомий» каби турли мазмундаги китоблар ҳам босилиб чиққан. «Ғуломия» нашрлари адади 2—3 минг нусха атрофида бўлган. Бу ерда жами юздан ортиқ китоб ва рисолалар чоп этилган. «Ғуломия» Туркистонда тошбосма каллиграфиясининг ривожланишида муҳим роль ўйнаган.