ҒУЛЖА

ҒУЛЖА, Қулжа, Инин — ХХРнинг шим. гарбий қисмидаги шаҳар. СиньцзянУйғур мухтор р-нида, Или-Қозоқ мухтор вилоятининг маркази. Или дарёси водийсидаги муҳим иқтисодий марказ. Аҳолиси 250 минг кишидан зиёд (1990й. лар ўрталари). Қ. х. районининг савдо маркази. Озиқ-овқат, тўқимачилик саноати корхоналари, музей мавжуд. Чорвачилик маҳсулотлари қайта ишланади. Гилам тўқилади. Шаҳар яқинидаги конлардан уран, вольфрам ва б. рангли металл рудалари, асбест ва графит қазиб олинади. Шаҳар атрофида мевали боғлар барпо қилинган. Шаҳар янги ва эски қисмдан иборат: анъанавий ҳовлилардан иборат ва кўчалари чироқсиз бўлган маҳаллалар б-н бир қаторда янги замонавий ва кўп қаватли иморатлар кўп қурилган. Туризм марказларидан.

Шаҳар ўрнида қадимда лама ибодатхонаси бўлган. Ғулжа топонимининг этимологияси ҳам шу ибодатхона номи билан боғлиқ. Бироқмаҳаллий халқ ўртасида сақланиб қолган маълумотларга кўра, Ғулжа — архар сўзининг қад. туркий номидир. Шаҳарда 2400 — 2500 й. муқаддам мисдан ясалган архар ҳайкали топилган. Бу эса Ғулжа топо-нимининг тарихи мил. ав. 5-а. га бориб тақалишини кўрсатмокда. Ғулжа ва унинг атрофида топилган 3 минг йиллик тарихга эга археологик буюмлар (олтин ва мисдан ясалган ҳайвон ва одамлар ҳайкалчалари, маи-ший буюмлар ва б.), 2400 йиллик тарихга эга мис кони шаҳар нисба-тан ёш бўлса-да, бу ерда қадимдан ривожланган маданият мавжуд бўлганини кўрсатади. Чингизхоннинг 2-ўғли Чиғатой ҳукмдорлиги даврида шаҳарда ҳунармандчилик ривожланди. Жунғария хонлиги даврида (1635 — 1755) хон ўрдаси Ғулжага яқин ерда жойлашган. Манчжурларнинг Цин империяси Ғулжада Шарқий Туркистонни бошқарган ўз ҳарбий қўмондони ва қўшинларини жойлаштирган. Ўша даврда Ғулжа атрофида 6 қалъа қурилган. 18-а. да шаҳар, айниқса, ривожланди. 1933 й. ги «уч вилоят (Или, Тарбаға-той, Олтой) инқилоби» даврида Ғулжа ҳукумат маркази эди.