ҒОЗСИМОНЛАР

ҒОЗСИМОНЛАР — қушлар туркуми. Паламедеялар ва ўрдаксимонлар оиласига бўлинади. 150 тури маълум. Йирик ва ўртача катталикдаги сув экосистемаларида яшайди. Антарктидадан ташқари ҳамма қитъаларда тарқалган. Кўпчилиги моногам. Тухумларини, асосан, модаси босади. 2—3 йилда вояга етади. Кўпчилик турлари узоқ миграция қилади. Сувда яхши сузади ва шўнғийди. Тез учади. Бир неча тури ов объекти ҳисобланади. Сув ҳавзаларидан интенсив фойдаланиш Ғозсимонлар сонининг камайишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистонда Ғозсимонларнинг 36 тури учрайди. Вишилдоқ ва қийқироқ оққушлар, оқ пешонали кичик ғоз, қизилтомоқ ғоз, мармар чуррак, олақанот, оқбош ўрдак ва б. турлари Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган.