ҒОЗҚАНЖИР

ҒОЗҚАНЖИР, сув товуғи — ғозқанжирлар уруғига мансуб қуш. Австралиядан бошқа ҳамма жойда тарқалган. Танаси 35 см га, вазни 200— 350 г га яқин. Оёқлари узун, думи ва тумшуғи қисқа. Усти қўнғир-сарғиш, ён қисми кўндаланг оқ йўлли, қорни кулранг, боши қора, пешонасида қизил доғи бор.

Чучук сув ҳавзалари атрофидаги қамишзор, бутазор ва ўтли жойларда яшайди. Сувда яхши сузади. Уясини қамишлар орасига ёки буталарга қуради. Йилда 2 марта 6—12 тадан тухум қўяди. Тухумларини 20 — 22 кун босади. Сув ҳашаротлари билан озиқланади. Шим. минтақаларда яшайдиган Ғозқанжир жанубий ўлкаларда қишлайди. Овчилик аҳамиятига эга эмас.