ҒОЗҒОНМАРМАР АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ

«ҒОЗҒОНМАРМАР» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ — табиий тош (мармар)дан қурилишда ишлатиладиган қоплама-пардозлаш плиталари ишлаб чиқарадиган йирик корхона.

«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси таркибига киради. Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон шаҳарчасида жойлашган. 1969 й. да ташкил топган. Республикадаги энг катта мармар конларидан бири бўлган Ғозгон мармар кони негизида ишлайди. Корхонанинг йиллик мармар плиталари и. ч. қуввати 60 минг м2. 2000 й. дан мармар плиталари Италиянинг «Тема фруголи» фирмасидан келти-рилган дастгоҳлар ёрдамида ишлаб чиқарилмоқда. 1994 й. дан очиқ турдаги акциядорлик жамияти. 2004 й. да 13,5 минг м3 мармар блоклари қазиб олинди (коннинг захираси 7576,0 минг м3). Ғозғон мармари жуда хилма-хил рангли кўринишга эга. Корхонада ишлаб чиқарилган мармар плиталари Тошкент, Мос-ква, Санкт-Петербург, Киев ва б. шаҳарлар метрополитени, кўплаб меъморлик иншоотлари қурилишида ишлатилган. Корхонада ишлаб чиқарилган мармар маҳсулотлари ички бозорда сотилади, шунингдек, Россия, Афғонистон ва Қозо-ғистонга экспорт қилинади.