ҒИРОТ

ҒИРОТ, Ғиркўк — «Гўрўғли» туркуми достонларидаги афсонавий от образи. Достонларда тасвирланиши-ча, Гўрўғлини эмизган байтал билан Хуросон кўлидан чиқиб келган айғир («сув оти»)дан урғочи қулун туғилади. Гўрўғли бу қулунни тарбиялаб вояга етказади ва уч яшар бўлгач, Райҳон арабнинг тулпорларидан насл олади. Натижада Ғирот туғилади. У етти кунлик бўлганида, онаси ўлади. Гўрўғли унга турли ҳайвонлар сутини бериб парваришлаб, тулпор қилиб етиштиради. Ғирот — фантастик услубда яра-тилган образ. У гапга тушунади, зарур пайтда қаҳрамон (Гўрўғли) га йўл-йўриқ кўрсатади, эҳтиёт қилади, душманларни тишлаб, тепиб қайтаради. Қаҳрамон бошига кулфат тушганда ачинади, йиғлайди; ярадор бўлиб, устида беҳуш қолган эгасини бехатар ерга элтади, қўриқлайди, у асирга тушиб қолса, элига хабар беради ва ҳ. к.