ҒИРА-ШИРА

ҒИРА-ШИРА — эрта тонг ёки шомда нарсалар аниқ кўринмайдиган («ғира-шира кўринадиган») пайт. Қуёш чиқишидан бир оз олдинроқ ёки қуёш ботишидан бир оз кейинроқ юз беради. Ғ.-ш. оптик ҳодиса ҳисобланади. Ҳаво очиқ пайтларда Ғ.-ш. пайтида осмон гумбази четида билинар билинмас шафақ пайдо бўлади ва кучсизгина нур сочади. Ғ.-ш. нинг давомийлиги жойнинг географик кенглигига боғлиқ: эк-ваторга яқинлашган сари Ғ.-ш. вақти қисқариб боради.

Амалий мақсадлар учун Ғ.-ш. 3 даврга бўлинган: фуқаро, навигация ва астрономия Ғ.-ш. лиги даврлари. Фуқаро Ғ.-ш. лиги пайтида қуёшнинг уфқдан пастлиги 7° дан ошмайди. Бундай пайтда чироқни ёқмасдан баъзи ишларни бажариш (мас, китоб ўқиш) мумкин. Нави-гация Ғ.-ш. лиги пайтида қуёшнинг уфқдан пастлиги 12° гача бўлади. Бундай пайтда чироқни ёқмасдан ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Астроно-м и я Ғ.-ш. лиги пайтида қуёшнинг уфқдан пастлиги 18° гачани ташкил қилади. Бундай пайтда ер юзига бутунлай қоронғилик тушиб, Ғ.-ш. лик хиёл билиниб туради. Метеорлар ва вулканик ҳодисалар билан боғлиқ баъзи ўзгаришлар туфайли атмосферанинг юқори қатламларида юз бериб турадиган хиралашиш ёки ёруғлашиш туфайли Ғ.-ш. нинг юқорида айтилган хусусиятлари бир оз ўзгариши мумкин.