ҒИЛАЙЛИК

ҒИЛАЙЛИК — кўзнинг норасо ҳолати, бунда бир кўз қорачиғи кўрилаётган буюмга тўғри қараган, иккинчиси эса бурун томонга (яқинлашувчи Ғилайлик) ёки чеккага (узоқлашувчи Ғилайлик) оғган бўлади. Функционал Ғилайлик ва фалажланиш ғилайлиги фарқ қилинади. Функционал Ғилайликда кўз ташқи мус-куллари, уларнинг оптик аппарати ёки кўз тўр пардасининг функциялари бузилади. Кўпинча ёш болаларда уч-райди. Болаларда икки кўзнинг ҳамкорликда нормал ишлаш фаолияти 2—3 ёшидан бошлаб ривожланади. Шу даврда бола қаттиқ қўрқса ёки қизамиқ, скарлатина, дифтерия, грипп каби оғир юқумли касалликлар билан касалланса ёки кўз нур синдириш фаолияти нормал ривожланмаса, функционал Ғилайлик пайдо бўлади. Уни дори-дармон, узоқ давом этадиган турли кўз машқлари ёки операция йўли билан даволаш мумкин. Функиионал Ғилайликда соғ кўз қўл билан беркитилса, ғилай кўз тўғри тура олади. Фалажланиш ғилайлигида эса соғ кўз қўл билан беркитилса, ғилай кўз шундайлигича тураверади, тўғрига қарай олмайди. Чунки унинг ташқи мускуллари шикастланган ёки мия қобиғи пардаларининг яллиғланиши натижасида бутунлай фалажланган бўлади. Бу Ғ. ни операция йўли билан даволаш қийин. Ғилай қўз доим яхши кўрмайди, чунки нур унинг кўз ичи сариқ доғида эмас, балки ўша қийшиқ кўз қорачиғи рўпарасидаги бошқа нуқтага тушади. Шунинг учун Ғилайликни қанча тез даволанса, шунча яхши. Биринчи нав-батда, бола кўзини текширтириб, кўзойнак тақдириш керак. Сўнгра унинг кўриш қобилиятини ўстириш учун соғ кўз беркитиб қўйиб, ғилай кўзга турли машқлар буюрилади. Булар фойда бермаса, операция қилинади. Ҳоз. микрохирургик йўл билан 2—3 яшар болалардаги Ғилайлик тузатилмоқда.