ҒАЗЗОЛИЙ

ҒАЗЗОЛИЙ, Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ғаззолий [1058 — Тус (Эрон) — 1111] — ислом илоҳиётчиси, файласуф. «Ғаззолий» тахаллуси ҳақида турли фикр бор. Баъзи олимлар ғаззол (ип йигирувчи) оиласида туғилган, шу сабабдан Ғаззолий тахаллусини олган деса, бошқалари эса Ғазола (Тус яқинидаги қишлоқ)да туғилган, шунинг учун тахаллуси Ғазолий деб ҳисоблайдилар. Нишопур (Шарқий Эрон) ва Бағдодда таълим олган. «Низомия» мадрасаси (Бағдод)да ислом ҳуқуқшунослигидан дарс берган. Мударрисликдан воз кечиб, 11 й. зоҳидликда ҳаёт кечирган, илм билан машғул бўлган. 1105 й. да Нишопурга келиб, яна мадрасада мударрислик қилди, аммо бу ҳол узоққа чўзилмади. Тусга кўчиб бориб 300 га яқин талабага хусусий тарзда дарс берди. Унинг фиқҳга доир «Босит», «Вожиз», «Восит», ақидага доир «Қавоид ал-Ақоид» («Ақидаларнинг қоидалари»), «арРисолат ал-қудсия» («Қудсия рисоласи»), мутасаввифлар учун «Иҳйа улум ад-дин» («Диний илмларни тирилтириш»), «Мукошафат ул-қулуб» («Қалблар кашфиёти») асарлари машҳур. Шунингдек, «Таҳофут ал-фаласифа» («Файласуфларни рад этиш»), «Кимё-и-саодат» («Саодат кимёси»), «Мақосид ал-фаласифа» («Файласуфларнинг мақсадлари») асарлари олим ижодида муайян ўринни эгаллайди. Бу асарларда Форобий, Ибн Сино, Абу Ҳайён атТавҳидий қарашларининг таъсирини кўриш мумкин.

Ғаззолий ўз асарларида ислом илоҳиётини фалсафий жиҳатдан асослашга ҳаракат қилган. Ғаззолий худони ақл орқали англаш мумкин эмас, уни махсус руҳий, жисмоний ҳаракатлар — сиғиниш ва ибодатлар орқали англаш мумкин деб ҳисоблади. Суннийлик ақидаларини тасаввуф идеаллари билан бирга қўшиб талқин қилган. Ғаззолий фикрича, инсоннинг Аллоҳ буюрган амаллардан ўзига мақбулини танлаб олиши ўз ихтиё-ридадир, шу боис мазкур хатти-ҳара-катлари олдиндан белгилаб қўйили-шига қарамай улар учун айнан ин-соннинг ўзи масъулдир. Ғаззолийга кўра, жон худо сингари фазодан ташқари-да, олам худо томонидан яратилган. Ғаззолийнинг диний тизими тасаввуфни анъанавий ислом билан бирлаштирди. Ғаззолий ғоялари ислом тафаккурига ва ўрта аср Европа фалсафасига таъсир кўрсатди. Ғаззолийни замондошлари «Ҳужжат ул-ислом» («Ислом далили») деб улуғлашган.

Ас: Мукошафат ул-қулуб, Т., 2002; Ихйа улум ад-дин, Т., 2004; Қиёмат ва охират, Т., 2004.