ҒАЗНА

ҒАЗНА, Ғазни — Афғонистоннинг жан.-шарқий қисмидаги шаҳар, Ғазни дарёси бўйида, Кобул—Қандаҳор автомобиль йўлида жойлашган. Ғазни вилоятининг маъмурий маркази. металлсозликнинг қад. марказларидан. Ҳунармандчиликда палос, пойабзал, ип газлама матолари ва б. тайёрланади. Жун, мўйна билан савдо қилинади.

Шаҳарнинг барпо бўлган даври маълум эмас. Ғазнага доир илк маълумотлар 7-а. га оид манбаларда учрайди. Ўрта асрларда Ўрта Шарқнинг муҳим маданий, савдо ва сиёсий марказларидан бири бўлган. 10—11-а. ларда Ғазнавийлар давлати пойтахти. 12-а. ўрталарида Ғурийлар шаҳарни эгаллаб, катта қисмини вайрон қилганлар. 1215—21 й. ларда Ғ. Хоразмшоҳтар қўл остида бўлган. 1221 й. да шаҳарни мўғуллар босиб олган. 13-а. нинг 2-ярмидан Ғазна ҳукмдорлари Ҳиротдаги Куртлар сулоласининг вассали бўлган. 14-а. охири 15-а. бошларида Темурийлар давлати, 16-а. бошларидан Бобурийлар салтанати таркиби-да. 1738 й. да шаҳарни Нодиршоҳ эгаллаган. Афғонистон давлати тузилгач (1747), Ғ. унинг таркибида. Меъморий ёдгорликлардан 12-а. да барпо этилган 2 та миноранинг қолдиқлари сақланган.