ДВОРЖАК

ДВОРЖАК (Dvorak) Антонин (1841.8.9, Прага яқинидаги Нелагозевес қишлоғи — 1904.1.5, Прага) — чех композитори, миллий композиторлик мактаби асосчиларидан. Чехия фан ва санъат академиясининг аъзоси (1890), Прага консерваториясининг проф. (1891) ва директори (1901 й. дан). Нью-Йоркдаги миллий консерватория директори (1892—95). Дворжак меросида 10 опера (1870—1903), 9 симфония (1865 — 93), симфоник поэмалар, бир нечта камер ва хор асарлари мавжуд. Вокалсимфоник ижодида «Авлиё Людмила» ораторияси (1886), «Мадҳия» кантатаси (1873) алоҳида ўрин тутади. «Янги дунёдан» номли 9-симфонияси (1893)да Дворжак Европа симфонизм» анъаналарини янги — чех ва Америка халқлари куй ва усуллари билан бойитди. Дворжак ижоди чех мумтоз композиторлик ижодиётининг энг юқори чўққисидир. Ёрқин миллий руҳ билан суғорилган, хилма-хил куй ва ритмларга бой Дворжак мусиқаси ўзининг ҳаётбахшлиги, романтик жўшқинлиги б-н ажралиб туради.