ДУДЛАШ

ДУДЛАШ, фумигация, газлаш — 1) гўшт ва балиқ маҳсулотларини тутун дуди билан қайта ишлаш. Маҳсулотларнинг сақлашга чидамини ошириш ва унга ўзига хос таъм, ранг ва хушбўйлик бериш мақсадларида қўлланилади. Дудлашдан олдин маҳсулот енгилроқ намакобга ботириб олинади. Дудлашда қисман сувсизланиш (қуриш), шунингдек, дуднинг оксидланишга қаршилик хусусияти ва бактерицидлик таъсири вужудга келади. Маҳсулотнинг таъми ва ҳиди дуд таркибидаги фенол бирикмалари ва органик кислоталарнинг маҳсулотга сингишига боғлиқ. Дуд ҳосил қилиш учун ўтин ва аксарият қаттиқ ёғочларнинг пайраҳаси ва қипиғи махсус жиҳозланган камераларда ёқилади вадудлаш печларига ўтказилади. Совуқ Дудлаш (18—22° — тузланган гўшт маҳсулотлари, 20—40° — балиқ маҳсулотлари) ва иссиқ Д. (30—50° — гўшт маҳсулотлари, 80—170° — балиқ маҳсулотлари) усуллари бор. Дудловчи моддалар таркибида ароматик углеводородлар (мас, 3,4-бензипирен) бор. Шу сабабли Дудлашда канцероген моддалари бўлмаган дудловчи суюқликлар билан тутунсиз Дудлаш усулларини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Дудлашда ишлатиладиган суюқликлар дуд концентратини дистиллаш, бир қатор кимёвий маҳсулотларни аралаштириш ва б. усулларда олинади. Бундай суюклик Дудлаш жараёнида маҳсулот таркибига киритилади (колбаса маҳсулотлари) ёки муайян муддат маҳсулот эритмада ивитиб қўйилади (балиқ); 2) пестицидлар гуруҳига кирадиган кимёвий моддалар (фумигантлар) ёрдамида қ. х. ўсимликлари зараркунандалари ва касаллик қўзғатувчиларига қарши кураш усули. Қаттиқ, суюқ, газсимон ҳолатдаги кимёвий моддалар ҳосил қиладиган заҳарли газ, тутун, аэрозоллардан фойдаланишга асосланган. Дудлашни махсус жиҳозланган, пестицидлар буғи ёки газининг таъсир кўрсатувчи микдорини саклай оладиган жойларда фумигантларни ёқиш ва буғлатиш йўли билан ўтказилади.

3) мевачиликда — қуритиладиган мевалардан мева қоқилари ва майиз солишда маҳсулотга газсимон сульфит ангидрид (олтингугурт гази) билан ишлов бериш. Маҳсулот рангини ва сифатини яхшилаш, узоқ муддат бузилмай сақланишини таъминлаш мақсадида қўлланилади. Махсулотни сифатли Дудлаш ва олтингугурт тутуни бир текис таъсир этиши учун мева ва узум тахта идишларда юпқа қатлам қилиб ёйилган ҳолда камераларда ёки фанердан ясалган махсус қутиларда дудлатилади. Идишларнинг сатҳи тахм. 60 — 90 см бўлса, қутининг уз. 120, эни 80, бал. 110 см бўлади. Олтингугурт чуқур-роқ жойда ёки махсус тайёрланган ерда ёндирилади. Мева ва узумларни Дудлашда донадор олтингугурт ишлатилади. Ўрта ҳисобда қутининг 1 м3 га 250 г олтингугурт сарфланади. Дудлаш 30 — 120 мин. давом этади. Олтингугурт миқцори ва Дудлаш муддатига алоҳида эътибор бериш керак. Қуритилган маҳсулотда сульфат ангидрид қолдиғи 0,01% дан ошмаслиги лозим. Дудлашда кўп камерали Дудлаш бўлимининг уз. 3,5, эни 3,5, бал. 3,5 м. Ҳажми 27—30 м3 га тенг бўлади. Бундай каме-ралар хом ғиштдан қурилади. Ҳар бир хоначанинг резина қистирмали эшик-часи бўлади. Эшикча тўғрисидаги де-ворда олтингугурт ёндириладиган печка ўрнатилади. Тагидан ўтин билан иситиладиган чўян плитада олтингугурт ёндирилади. Олтингугурт гази махсус тешикчадан камерага ўтади. Боғдорчилик хўжаликларида ғиштдан қуриладиган, уз. ва эни 3,5 м, бал. 2,5 м, ҳажми 27—80 м3 бўлган махсус Дудлаш камера (хо-на)лари қурилади. Камеранинг ҳар бир хонасига бир йўла 200 та тахта патнис (ҳар бир патнисда 6—6,5 кг узум) жойланади. Бир иш кунида камерадан 3—4 марта фойдаланилади. Бир мавсумда камеранинг ҳар бир хонасида 100 т узумни Дудлаш мумкин.

Рихсивой Жўраев, Рустам Ризаев.