ДОЛЬМЕНЛАР

ДОЛЬМЕНЛАР (бретонча tol — стол ва men — тош) — сўнгги неолит ва илк жез даврига оид дафн иншоотлари. Марҳумларни «доимий уй» билан таъминлаш мақсадида ҳар бири бир неча тонна оғирликдаги катта тош бўлаклари ва тоштахталар тик ҳолда ерга ўрнатилиб, усти катта хажмдаги бир ёки бир неча массив тоштахталар билан ёпилган. Дольменларнинг ичига алоҳида бўлмалар ясаб марҳум ўтирган ҳолда дафн этилган. Дольменларнинг ички деворларига ва шипларига қабартириб нақшлар ва бўёқ билан суратлар ишланган. Дольменларнинг ичига улик кўмиш, дафн этилган мурдаларга «озиқ-овқат олиб кириш» ва қайтиб чиқиш учун жануб ёки шарқ томонларида махсус тоштахтадан қилинган «эшик»лари бўлган. Дольменларнинг ичига юз йиллар давомида ўлик кўмилган. «Жон» ва «руҳ»ларнинг кирибчиқиб туриши учун «эшик»лари тешиб қўйилган. Д. Европа, Осиё ва Африка қитьаларида топилган. Д. Крим, Кавказнинг Кора денгиз соҳилларида, Ўзбекистонда топилди. 1955 й. да Ўзбекистон ФА нинг акад. Я. F. Ғуломов бошчилигидаги археология отряди Жиззах ш. яқинидаги Қулфсар деган қад. қабристонда Дольменларни топди. Унинг икки томони очиқ, атрофи тош териб ўраб қўйилган, тепасидаги тоштахтада қурбонлик қилинган ҳайвон қони изи бор. Қулфсар қабристонида топилган Дольменлар жез даврига оид деган хулосага келинди.