ДОҒИСТОН ТОҒ ҚЎЙ ЗОТИ

ДОҒИСТОН ТОҒ ҚЎЙ ЗОТИ — майин жунли, гўшт-жун берадиган қўй зоти. Доғистонда дағал маҳаллий гуниб қўйларини Вюртемберг (Германия) майин жунли қўчқорлари билан чатиштириб етиштирилган (1933—50) ва олинган 2-бўғин дурагайларини танлаш ва саралаш, тоғ яйловларига мослашиш қобилиятини ўрганган ҳолда яратилган. Тоғ-яйлов иқлимига яхши мослашган. Пуштдорлиги 130—135%. Қўчқорларининг тирик вазни 80—85 (айримлари 130) кг гача, совлиқлариники 50—45 (баъзида 95) кг. Қўчқорларидан 5,5 — 6,0 (10 кг) гача, совликларидан 3,3 — 3,5 (6,5 кг) гача жун қирқиб олинади. Тоза жун чиқиши 55— 58%. Жуни оқ, толасининг уз. 8—11 см. Соф жун (тола) чиқими 55—56%. Д. т. қ. з. дағал жунли қўйлар сифатини яхшилашда фойдаланилади.