ДИУРОН

ДИУРОН, гербатокс, дихлор-фенидим, кармекс (C,HI0ON2C12) — сингиб, танлаб таъсир этувчи гербицид. Ранги оқ, 80%ли ҳўлланувчан кукун. Пахтазорларда, данакли ва резавор мева боғларда, токзорларда бир йиллик бошоқли (курмак, итқўноқ) ва икки паллали бегона ўтларга қарши қўлланилади. Бир йиллик бегона ўт (олабўта, мачин, семизўт, итузум, шамак ва б.)ларга 1,5 — 2,5 ой давомида таъсир кўрсатади. Тупроқ намлиги ортган сари препаратнинг гербицидлик хусусияти ҳам орта боради. Ўсимликка илдизи орқали шимилади. Ерга экиш пайтида лента усулида, боғларда эрта баҳорда бегона ўтлар уруғи кўкармасдан олдин пуркалади. Сарф меъёри (таъсир этувчи модда ҳисобида) ғўза учун 0,4—1,6 кг/га, мевали боғларда 2,5—3,2 кг/га, 0,5—1,75 кг/га сарфланади. Иш суюқлиги 100—150 л/га. Заҳари кам.