ДЕКЛАМАЦИЯ

ДЕКЛАМАЦИЯ (лот. declamatio — но-тиклик машқи) — бадиий ўқиш, нотиклик санъатининг муҳим турларидан бири. Шарқда Декламация кадимдан ривожланган. Хитой, Ҳинд подшолари, Хоразмшоҳлар, сугд, сак хонлари саройларида Декламация усталари ишлаган. Ўзбек хонликлари ҳудудида ҳам Декламация санъатининг моҳир усталари (маддохлар, қиссахонлар, достончи, эртакчи ва отинлар) яшаб ижод этган. Саройларда тез-тез уюштириб турилган шеърхонлик ҳам аслида Декламациянинг бир кўринишидир. 17—18-а. ғарб мумтоз театрида Декламация тушунчаси актёрлик ижро воситаларини умумлаштирган. 18-а. охири — 19-а. бошлари театрдаги романтизм ва реализм оқимлари классицизм қонунларидан воз кечди. Романтизм актёр ижрочилигидаги илҳом ҳиссиёт эркинлигини, реализм нутқ ва актёрнинг саҳнадаги хатти-ҳаракати тасвирланаётган қаҳрамоннинг ўзига хос хусусиятларини бўйсундирди. Кейинчалик Декламация сохта, сунъий нутқ усули тушунчасини билдирадиган бўлиб қолди. К. Станиславский Д. га актёрлик санъатининг қуруқ, сохта кўринишларидан бири сифатида қаради, ҳаёт ҳақиқатига асосланган образ яратиш йўлида Декламацияга қарши курашишга чақирди. Эстрададаги бадиий асарларни ўқиш кенг қамровли ўзига хос санъат бўлиб, Декламациянинг замонавий кўринишларидан дейиш мумкин.

Муҳсин Қодиров.