ДЕГГАРОН МАСЖИДИ

ДЕГГАРОН МАСЖИДИ — Бухоро вилояти Ҳазора қишлоғидаги меъморий ёдгорлик. 8—9-а. ларда қурилган бино ўрнига 11-а. да бунёд этилган. Кейинчалик дегрез (чўянгар) усталарнинг маҳалла гузарида жойлашгани учун Деггарон масжиди деб номланган. Ташки кўриниши куб шаклида, усти гумбазлар билан ёпилган, хона ичида пишиқ ғиштдан 4 гула (устун) ишланган. Қолган девори хом ғиштдан тикланиб, юзаси пишиқ ғишт б-н қопланган. 4 рукн-устун (диаметри 128 см) хонақоҳ ичини деворсиз 9 қисмга ажратган, марказий қисми нисбатан йирикроқ гумбаз билан ёпилган, бошқа қисмларга — бир томонидан деворга, қарши томонидан устунга таянтириб яна 8 та кичик гумбаз ишланган. 20-а. да масжиднинг жан. ва шарқида хонақоҳга тақаб синчкор айвон қурилган, жан. айвон бир қатор устунли, шарқийси (жан. айвонга нисбатан икки ҳисса кенг) икки қатор устунли. Айвон устунида бинонинг 1910 й. да қайта қурилгани қайд этилган. Кейинчалик айвонлари вайрон бўлган. Деггарон масжиди исломият даврининг Ўрта Осиёда сақланиб қолган қад. саждагоҳи сифатида меъморий ўзига хослиги ва содда салобати билан диққатга сазовор.