ДАЗМОЛ

ДАЗМОЛ — газлама, кийим-кечак, кўнчилик маҳсулотлари ва б. га иссиқлик ишлови бериш (қиздириб силлиқлаш) учун мўлжалланган асбоб. Уй-рўзғорда, маиший хизмат корхоналарида, тикувчилик ф-каларида, кўн з-дларида ишлатилади. Рўзғорда ишлатиладиган Дазмолнинг кумир ёки ўтин чугида қиздириладиган, плита устига қуйиб қиздириладиган ва электр хиллари бор. Ҳозир, асосан, электр Дазмол ишлатилади. У металл асос, қопқоқ, қиздириш элементи (спираль) ва шнурдан иборат. Баъзи электр Дазмоллар иссиқлик даражасини узгартирадиган (терморостлагичли) (мас, 700 Вт — 1000 Вт ли) қилиб ишлаб чиқарилади. Баъзи Дазмол ларда дазмолланадиган жойни ҳўллаб турадиган сув «косача» бўлади. Тикувчилик ф-калари, маиший корхоналарда махсус (оғирроқ ва қувватлироқ) Дазмоллар ва дазмоллаш пресслари ишлатилади. Кўнчиликда ишлатиладиган Дазмол 90—100° гача қиздириладиган плита ва унга терини қисадиган роликдан иборат.

Дазмол қадимдан маълум. 11-а. да Ўрта Осиёда Дазмол андавага ухшаш темир асбоб булиб, уни ўтда қиздириб, кийимнинг чок ва баҳяларини бостирганлар, сиртини силлиқлаганлар. Кейинчалик, олов Дазмол пайдо бўлган. У пайтларда Дазмолни утук (отук) деб аташган (М. Кошгарий «Туркий сузлар девони», Т., 1960). Ҳозир ҳам Хоразм, Самарқанд вилоятларида халқ Д. ни утук деб юритади.