ДАЙМЁ

ДАЙМЁ — ўрта асрларда Япониядаги йирик мулкдор князлар. «Даймё» истилоҳи 11-а. да пайдо бўлиб, йирик мулкдорларни англатган. 14—15-а. лардан 16-а. охиригача Даймёлар марказий ҳокимиятдан мустақил бўлишган. Токугава сёгунлари ҳукмронлиги даврида (1603—1867) мамлакат бирлаштирилгандан сўнг, Даймёга ерларида олинадиган шоли ҳосили камида 10 минг коку (1 коку = 150 кг) га етган йирик мулкдорлар мансуб бўлишган. Князликлар иқтисодий ва маъмурий сиёсий бирликлар ҳисобланиб, ички ишларда Даймё тўла ҳокимиятга эга эди. Лекин хукумат Даймёлар устидан ҳар томонлама назоратни кучайтириб, уларнинг ерларини қисқартирган. 1867—68 й. лардаги тугалланмаган буржуа инқилобидан сўнг, Даймё 1869—71 й. ларда ўз ерларидан маҳрум бўлишган, князликлар урнига префектуралар барпо этилган. Даймё ларга катта пул миқдорида товон туланган, Даймё ларнинг бир қисми йирик помешчикларга (мулкдорларга), айримлари — акционерлар ва саноатчиларга айланган. Сарой зодагонлари (кугэ) билан бирга Даймёлар (1884 й. да) олий зодагонлар — кадзокуни ташкил этган, у 1890—1945 й. ларда Япония парламентидаги пэрлар палатасида катта имтиёзларга эга булган.