ДАВҚУР

ДАВҚУР — зардўзликда кенг тарқалган нақш мужассамоти, ҳошия нақш. Кийим (ёқаси, енг учлари ва б.) чети ҳошия нақш билан айлантириб тикилиб, қолган жойлари очиқ қолдирилади. Кийимнинг орқа елка қисмига турунж шаклида безак кашта («тавқ») тикилади. Ҳошия — нақш турли кенгликда (кенг, ҳашамдор ёки ингичка) бўлиб, ўсимликсимон («шаш барг», «барги хазон», «бодом», «қўш бодом» ва б.) ва ҳандасий (юлдуз, айлана, кошин ва б.) шакллардан тузилади. Бахмалдан қуроқ қилинади, тошлар қадалади. Давқурда турли безак чоклардан фойдаланилиб, буюмнинг бадиий қиммати оширилади.