ДАВОНИЙ

ДАВОНИЙ Жалолиддин (тўла номи Жалолиддин Муҳаммад ибн Асад ассиддиқий аддавоний) (1427 — Давон қишлоғи, Эрон — 1502) — шарқ олими, файласуфи. Ёшлигидан илм-фанга, хусусан фиқҳшуносликка қизиқади. Мактабни битиргач, Шерозга келиб мадрасада таҳсил кўради. Сўнг Шероз ш. қозиси этиб тайинланади. Қозиликдан истеъфога чиққач, мударрислик қилади. Умрининг охирида ўз қишлоғига қайтиб, илмий иш билан банд бўлади.

Д. Эрон, Ҳиндистон, Ироқнинг кўп шаҳарларида бўлиб, олим ва шоирлар б-н учрашди. Форобий, Ибн Сино, Насриддин Тусий ва б. нинг дунёқарашини ўрганди, Темур ва темурийлар даврида яшаган мутафаккирлар асарларидан унумли фойдаланди. У фалсафа, ахлоқшунослик, мантиқ, фиқҳ, фалакиёт, риёзиёт ва ҳандаса фанлари муаммоларини тадқиқ қилиб асарлар ёзди. Бу асарларида инсон ва унинг камолоти, илм-фан ва унинг жамиятдаги ўрни, касб-ҳунар, юксак инсоний фазилатларни эғаллаш ҳақида фикр юритди. Давонийнинг асосий асарлари: «Ахлоқи Жалолий», «Рисолатул-хуруф» («Ҳарфлар ҳақида рисола»), «Рисолайи исботи вожиб» («Заруриятнинг исботи ҳақида рисола»), «Рисола ул-муфрадот» («Моддалар ҳақида рисола»), «Рисолайи фи тавжих улташбиҳ» («Мажоз талқини хақида рисола»), «Рисола дар элм ун-нафс» («Руҳшунослик тўғрисида рисола»), «Тариқати тарбият ул-авлод» («Болаларни тарбиялаш усули») ва б. Д. нинг форс ва араб тилида битилган қўлёзма ҳамда тошбосмада босилган рисолалари дунёнинг кўп кутубхоналарида, шу жумладан Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик ин-тида сақланади.