ДАВОЛАШ БАДАН ТАРБИЯСИ

ДАВОЛАШ БАДАН ТАРБИЯСИ — тиббиёт бўлими; касалликларни даволаш ва олдини олишда жисмоний машқлар ва табиий омилларни, шунингдек, физиотерапия ва массажни биргаликда қўллаш. Механотерапия, меҳнат билан даволаш ва даво массаж» Д. б. т. нинг таркибий қисмидир. Даволаш бадан тарбияси куч-кувватни тикловчи даво; уни тўғри қўллаш беморнинг тез соғайиб кетишига, иш қобилиятини тиклашга ва уни фаол меҳнатга қайтаришга ёрдам беради. Даволаш бадан тарбиясига турли жисмоний машқлар: гимнастика (анча жўн ва беморга мое), спорт (чанғида ва пиёда сайр этиш, сузиш ва б.) ва очиқ ҳавода ўтказиладиган ўйинлар (волейбол, теннис, баскетбол) киради. Махсус танланган машқлар Даволаш бадан тарбиясининг асосий воситасидир. Жисмоний машқларни бажариш ва организмни чиниктиришда табиий омиллар — сув, ҳаво ва қуёшдан фойдаланилади. Даволаш бадан тарбияси ҳаракат фаолияти пасайган, кам қувват, узоқ вақт бетоб ётган беморларга буюрилади. Даволаш бадан тарбияси операциядан кейинги организмни тиклаш даврида, акушерликда, нафас, овқат ҳазм қилиш, юрак-томир, нерв системаси, таянч-ҳаракат аъзолари, ривожланиш нуқсонлари ҳамда моддалар алмашинувининг бузилиши билан боғлиқ касалликларни даволашда қўлланилади. Даволаш бадан тарбиясини фақат даволовчи врач буюради, машғулотлар Даволаш бадан тарбияси бўйича мутахассислар томонидан олиб борилади.