ДАВЛАТШОҲ САМАРҚАНДИЙ

ДАВЛАТШОҲ САМАРҚАНДИЙ (тўлиқ исми Давлатшоҳ ибн Алоуддавла Бахтишоҳ ассамарқандий) (тахм. 1436/37—95) — ўзбек шоири, адабиётшунос ва давлат арбоби. Отаси Шоҳрухнинг нуфузли амирларидан бўлган. Давлатшоҳ Самарқандий замонасининг йирик олими Фазлуллоҳ Самарқандий қўлида таҳсил кўрган. 1480 й. гача сарой хизматида. Умрининг охирларида сарой ва ҳарбий хизматларни тарк этиб, ижод билан шуғулланган. Туркий ва форсийда ёзган. Давлатшоҳ Самарқандийга шуҳрат келтирган йирик асари «Тазкират ушшуаро»дир («Шоирлар тазкираси», 1486 й. да ёзиб туғалланган). Тазкиралар Алишер Навоийга бағишланган бўлиб, жуда куп илмийтарихий манбалар асосида яратилган. Асар муқаддима, етти боб (табақа) ва хотимадан ташкил топган. Муқаддимада асарнинг ёзилиш сабаблари ҳамда Лабид (7-а.), Мутанабий (915— 965), Абу Аъло ал-Маарий (973—1058) каби 10 нафар мумтоз араб шоири ҳақида ёзилган, асосий бобларда эса 10—15-а. ларда Мовароуннаҳр, Хуросон ва қўшни мамлакатларда яшаб ижод этган 150 дан ортиқ шоир ва олимлар фаолияти тадқиқ этилиб, уларнинг таржимаи ҳоли ҳақида маълумот ва асарларидан намуналар келтирилган. Тазкиранинг хотима қисмида Давлатшоҳ самарқандий С билан замондош бўлган Жомий, Навоий, Хожа Афзалиддин Муҳаммад, Амир Аҳмад Суҳайлий, Хожа Шаҳобиддин Абдулла Марварид ҳамда Хожа Осафийлар ҳақида маълумот берилган. Тазкира 10 — 15-а. лардаги адабий жараён, унинг намояндалари ҳаёти, ижодини ҳамда маданий, илмий ва тарихий шароитни ўрганишда муҳим манба. «Тазкират уш-шуаро» Ҳиндистон (1887, 1924), Англия (1901), Теҳрон (1958, 1960) да тўлиқ нашр этилган. Айрим қисмлари рус, инглиз, француз, немис, турк, ўзбек тилларига таржима қилиниб, чоп этилган. Давлатшоҳ Самарқандий ижодини ўрганиш 15-а. да Алишер Навоий томонидан бошланган. Кейинроқ инглиз (Браун Э.), немис (Хаммер), форс (Муҳаммад Аббосий, Муҳаммад Рамазоний, Аҳмад Гулчин Маоний), рус (Э. Е. Бертельс), ўзбек (Н. Маляаев, Б. Аҳмедов) олимлари Давлатшоҳ самарқандий С ижодини ўргандилар.

Ад.: Навоий А., Асарлар [15 жилдли], 12-ж., Т., 1966; Аҳмедов Б., Давлатшоҳ Самарқандий, Т., 1967.