ДАВЛАТМАНДБЕК

ДАВЛАТМАНДБЕК Камолиддинбек ўғли (7—1922.4.8) — қўрбоши, Шарқий Бухорода босқинчи қизил армия қисмларига қарши истиқлолчилик ҳаракати раҳбарларидан. Бухоро амирлиги даврида Балжувон беги, девонбеги, лашкарбоши бўлган. Балжувон ва Шеробод бекликларида катта ер-мулки бўлган. Амир Олимхон қизил қўшинга қарши курашда амирлик Қўшинига Иброҳимбек ва Давлатмандбекни лашкарбошилар қилиб тайинлаган (1920). Д. Шарқий Бухоронинг Балжувон, Конкурд, Чиғон минтақаларида қизил армияга қарши мустақиллик байроғини кўтарган, 1921 й. бошида унинг қўшини таркибида 5000 дан ортиқ йигит бўлган. 1921 й. 12 авг. да Балжувонда Бухоро халқ республикаси ҳукуматининг фавқулодда мухтор вакили Отаулла Хўжаев билан Давлатмандбек қўрбоши ўртасида шартнома имзоланди. Унга кўра, янги Бухоро ҳукумати томонидан Шарқий Бухородаги йирик қўрбошилар Давлатмандбек ва Султон Эшон Балжувон ва Ғарм инқилобий қўмиталарининг раиси қилиб тайинланган. Д. Бухоро қудудидан қизиллар қўшинининг олиб кетилиши, Бухоро республикасининг мустақиллиги амалда қарор топиши учун изчил кураш олиб борган. Анвар Пошо 1921 й. нояб. да Бухорога келгач, Давлатмандбек унинг лашкари сафига қўшилган. 1922 й. бошларида Давлатмандбек йигитлари Душанба атрофидаги Ҳисор ва Балжувон, шунингдек, Кўлобда қизил аскар қисмлари устидан ғалабаларга эришган. 1922 й. 4 авг. да Балжувон яқинидаги Обидара қишлоғида қизил аскарлар билан бўлган машҳур жангда Д. Анвар Пошо б-н бирга ҳалок бўлган.

Ад.: Ражабов Қ. К., Мустақил Туркистон фикри учун мужодалалар, Т., 2000; Туркестан в начале XX века; к истории истоков национальной независимости, Т., 2000; Муҳаммад Али Балжувоний, Тарихи нофеий (фойдали тарих), Т., 2001. Қаҳрамон Ражабов.