ДАВЛАТГА ҚАРШИ ЖИНОЯТЛАР

ДАВЛАТГА ҚАРШИ ЖИНОЯТЛАР, Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар — ЎзР суверенитета, ҳудудий дахлсизлиги, хавфсизлиги, мудофаа салоҳияти, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига, иқтисодиётига, ижтимоий-сиёсий барқарорлигига тажовуз қилувчи ўта оғир жиноятлардан ҳисобланади. Бу жиноятлар учун ЎзР ЖК махсус қисмида жавобгарлик белгиланган бўлиб, улар душман томонига ўтиш, жосуслик, давлат сирларини чет эл давлатига етказиш, Ўзбекистон Республикасига карши душманлик фаолияти олиб боришда чет эл давлатига ёрдам кўрсатиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳаёти ва соғлиғига, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз этиш, яъни Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини. Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга, қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очикдан-очиқ даъват қилиш ёки бундай мазмундаги материалларни тарқатиш, қўпорувчилик, давлат сирларини ошкор этиш ва давлат сири ёки ҳарбий сир ҳисобланган ҳужжатларни йўқотишга қаратилган ҳаракатларда ифодаланади.

Жиноят қилиш пайтида 16 ёшга тўлган ақли расо шахслар Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятларнинг субъектлари бўла олади. Аммо давлатга хоинлик қилишнинг субъекти фақат ЎзР фуқароси, жосуслик жиноятининг субъекти фақат чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, давлат сирларини ошкор қилиш ва давлат сири ёки ҳарбий сир ҳисобланган ҳужжатларни йўқотиш жиноятларининг субъекти давлат сири ёки ҳарбий сир хисобланган ҳужжатлар ишониб топширилиб қўйилган шахслар бўлади. Қолганларининг субъектлари эса ҳар қандай шахс бўлиши мумкин.

Мамажон Усмоналиев.