ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҚУРИЛИШИ АКАДЕМИЯСИ

ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҚУРИЛИШИ АКАДЕМИЯСИ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси — раҳбар ходимларни тайёрловчи ва кайта тайёрловчи, улар малакасини оширувчи ўқув-усулий ва илмий марказ. ЎзР Президентининг 1995 й. 19 апр. фармонига мувофиқ ташкил қилинган. Асосий вазифаси — ҳокимликлар ва бошқарув органлари раҳбар ходимлари, жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари, хўжалик тузилмалари раҳбарлари, шунингдек, ўрта бўғин бошқарув органлари, тадбиркорлик тузилмаларининг олий тоифали замонавий мутахассислари ва раҳбарларини ўқитиш, тарбиялаш. Академияда 10 ва 12,5 ойлик тайёрлаш, 3 ойлик қайта тайёрлаш ҳамда 1 ойлик малака ошириш курслари тузилган, хорижий мутахассислар иштирокида эса 5—10 кунлик семинарлар йўлга қўйилган. 3 та ф-т фаолият кўрсатади:

1) давлат ва жамият қурилиши;

2) бозор иқтисодиёти асослари ва тамойиллари;

3) давлатлараро муносабатлар ва ташқи иқтисодий алоқалар. Бу ф-тлар таркибида 12 та кафедра иш олиб боради. Ўқув дастурлари АҚШ, Япония, Германия, Франция ва б. мамлакатларнинг таълим тизимлари андозаларига мувофиқ тартибда ишлаб чиқилган. Дастурлар 4 модулдан иборат: асосий курслар; мутахассислик курслари; информацион бошқариш тизими; магистрлик диссертациялари лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш. Академия 10 ва 12,5 ойлик курсларини битирувчиларга танлаган мутахассисликлари бўйича магистр дипломи берилади. Кафедраларда кундузги, сиртқи аспирантура ва докторантураларда илмий ходимлар тайёрланади. Ўқув жараёнларини ташкил қилиш ишларига республиканинг етук ўқитувчи-проф. лари жалб этилган. Асосий илмий йўналишлар ислоҳотлар жараёни концепцияларини яратиш, маориф тизимини ислоҳ қилиш учун тавсияномалар ишлаб чиқиш, раҳбар кадрлар тизимини тайёрлашда илмий тавсиялар б-н иштирок этишга қаратилган. Кўплаб хорижий ташкилотлар билан алоқалар ўрнатилган. Ўқув жараёнларида АКШ, Япония, Германия, Италия, Франция, Россия, Молдова, Эрон, Малайзия, Жан. Корея, Хитой ва б. давлатлар элчихоналарининг раҳбарлари маъруза, суҳбат ўтказадилар ва амалий машғулотларда қатнашадилар. Ўқитувчилар, тингловчилар, аспирантлар, докторантлар ҳамда тадқиқотчиларнинг малака ошириши, тажриба алмашиши учун хорижий давлатлар ўқув юртларига юбориш ёки у ерлардан малакали мутахассисларни таклиф этиш йўлга қўйилган. Академия ҳудудида жойлашган «Конрад Аденауэр», ЎзР «Устоз» жамғармалари, ТАСИС, Журналистларни қайта тайёрловчи халқаро жамоатчилик маркази каби ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган. Академияга тингловчиларни қабул комиссияси қабул қилади. Мутахассислар тайёрлаш манфаатдор корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда алоҳида шахслар билан тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади. Бошқа давлатлар фуқаролари ҳам шартномага биноан ўқитилади.

Академия ҳузурида и. т. ва ўқувусулий муассасаси — Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази ташкил қилинган (1996 й. сент.). Марказ 3 жилдли («Туркистон чор мустамлакачилиги даврида», «Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида», «Мустақил Ўзбекистон тарихи») Ўзбекистоннинг янги тарихи, «Ўзбекистон тарихи: давлат ва жамият тараққиёти» китобларини тайёрлаб, чоп эттирди (2000). Академия нашриёти илмий, илмий оммабоп ва б. турдаги нашрларни, «Жамият ва бошқарув» жур. ни чоп этади, ҳар 3 ойда бир марта ахборот бюллетенини чикаради. Академиянинг 25 мингдан ортиқ адабиётлар билан таъминланган замонавий кутубхонаси, компьютер маркази, меҳмонхонаси, тиббиёт бўлими, ресторан, спорт, тренажер заллари бор.

Рустам Жумаев.